Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Ventures, Жанубий Кореянинг SparkLabs Group Management ва Mirae Asset Venture Investment компаниялари SparkLabs Mirae Silk Road Fund I LP халқаро венчур фондини ташкил этиш бўйича Term Sheet имзолади.
Ҳужжат 15 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида Сеул шаҳрида имзоланди.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Тиллоевич Маҳсудов иштирокида томонлар, шунингдек, ўзаро англашув меморандуми (MoU) ва Term Sheetни имзолади.
Дастлабки шартларга кўра, қўшма фонднинг бошланғич капитали 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва кейинчалик уни 10 миллион долларгача ошириш имконияти мавжуд. Инвестиция стратегияси Series A ва ундан юқори босқичдаги етук стартапларга қаратилган бўлади.
IT Park Ventures фондда асосий чекланган шерик (anchor LP) сифатида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Фондда иштирок этиш зарур юридик ва тартибга солиш жараёнлари ҳамда тегишли корпоратив маъқуллашлар олингандан кейин босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Фонд фаолияти Марказий Осиё ва Ўзбекистонга йўналтирилиши режалаштирилган. Томонлар минтақа билан боғлиқ истиқболли технологик компанияларни биргаликда излаш ва баҳолаш, уларнинг халқаро бозорларга чиқишига кўмаклашиш, трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва глобал инвестиция экотизимига интеграциялашувига ёрдам бериш ниятида.
Ҳамкорлик доирасида Тошкентдаги IT Park ҳудудида SparkLabs офисини очиш ҳам режалаштирилмоқда. У Марказий Осиёда фонд фаолиятини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни излаш ва IT Park Ventures билан ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.
SparkLabs — стартапларни акселерация қилиш, венчур инвестициялар ва халқаро миқёсда кенгайтиришга ихтисослашган Жанубий Корея платформаси.
Компания менторлар, инвесторлар ва корпоратив ҳамкорлар тармоғи орқали фаолият юритади. Унинг ҳамкорлари орасида Google for Startups, Samsung, Mercedes-Benz Korea, KAIST ва KISED бор. Фаолият географияси Жанубий Корея, Австралия, Тайбэй, Саудия Арабистони ва АҚШни қамраб олади.
Mirae Asset Financial Group 1997 йилда Жанубий Кореяда ташкил этилган.
Гуруҳ активларни бошқариш, инвестиция банки, венчур инвестициялар ва глобал молиявий хизматлар соҳаларида фаолият юритади. Унинг фаолияти 21 та мамлакат ва ҳудуддаги 67 та халқаро офис орқали амалга оширилади, бошқарувидаги активлар ҳажми эса тахминан АҚШ долларини ташкил этади.