Молия

ТXMM ва Busan Finance Center ҳамкорлик меморандумини имзолади

ТXMM ва Busan Finance Center ҳамкорлик меморандумини имзолади
ТXMM ва Busan Finance Center ҳамкорлик меморандумини имзолади / Фото: Тошкент халқаро молия маркази.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро молия маркази (ТXMM) ва Busan Finance Center икки молия маркази ўртасида институционал ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Тошкент халқаро молия маркази хабар берди.

Имзоланган ҳужжат нусхаларини алмашиш маросими 16 сентябрь куни Пусан шаҳрида Жаҳон халқаро молия марказлари альянсининг (WAIFC) йиллик йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Алексей Сим иштирок этди.

Меморандум барқарор ва рақамли молиялаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро молия марказларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича илғор тажриба алмашиш, шунингдек, қўшма тадқиқот ва таълим дастурларини амалга оширишни назарда тутади.

Томонлар, шунингдек, молия институтлари, халқаро компаниялар ва профессионал хизматлар кўрсатувчи компанияларни Тошкент ва Пусан шаҳарларига жалб қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Ҳужжат ТXMM WAIFCнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилинганидан кейин имзоланган биринчи икки томонлама шериклик келишуви бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.