Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги вакиллари ҳамда Польша иқлим ва атроф-муҳит вазири ўринбосари, мамлакат бош геологи Кшиштоф Галош бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Учрашувни вазирнинг биринчи ўринбосари Ф. Ҳамидова, вазир ўринбосари Р. Юсупов ҳамда вазирликнинг масъул вакиллари ўтказди.
Музокаралар аввалида Польша делегациясига Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларнинг асосий фаолият йўналишлари тақдим этилди. Иштирокчилар, шунингдек, Ўзбекистоннинг геология соҳасидаги имкониятлари, мамлакатнинг минерал-хомашё базаси ва тоғ-кон саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасида геология ва минерал-хомашё ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларига асосий эътибор қаратилди.
Томонлар икки мамлакат геология хизматлари ўртасида тажриба алмашишни ташкил этиш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашди. Кўриб чиқилган йўналишлар қаторида қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва институционал ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам бўлди.