Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида қарор имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ҳужжатда 7 сентябрь куни суюлтирилган газ соҳасини қайта ташкил этиш бўйича ўтказилган тақдимотда белгиланган чора-тадбирлар назарда тутилган. Ислоҳотлар соҳа молиявий шаффофлигини ошириш ва уни босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказишга қаратилган.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ муассислигида LPG-Trade шўба корхонаси ташкил этилади. Компаниянинг асосий вазифаси аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашдан иборат бўлади.
Қарорда суюлтирилган газни улгуржи реализация қилишни босқичма-босқич биржа савдоларига ўтказиш ҳам назарда тутилган. Бу талаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёқилғига ҳам, импорт қилинадиган ҳажмларга ҳам татбиқ этилади.
Шу билан бирга, етказиб берувчилар суюлтирилган газни ўзларининг тақсимлаш пунктлари орқали чакана сотиш имкониятини сақлаб қолади. Аҳолини пропан билан таъминловчи компаниялар уни бевосита биржадан харид қилиши ёки хориждан импорт қилиши мумкин бўлади.
Соҳада суюлтирилган газ етказиб беришни кросс-субсидиялашдан босқичма-босқич воз кечиш режалаштирилмоқда. Унинг ўрнига эҳтиёжманд аҳоли қатламларига манзилли моддий ёрдам жорий этилади.
Бундан ташқари, хонадонларни суюлтирилган газ билан таъминлаш жараёнига хусусий сектор ҳам босқичма-босқич жалб этилади. Бу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш имконини бериши кутилмоқда.