Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 6 мингдан ортиқ товар учун имтиёз бермоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 6 мингдан ортиқ товар бўйича нол ставкагача бўлган божхона преференцияларини тақдим этмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекэкспертиза» АЖ бош директори Умиджон Аъзамхўжаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги 1,6 мингдан ортиқ корхона REX тизимида рўйхатдан ўтган бўлиб, ўз маҳсулотларини имтиёзли божхона ставкаларидан фойдаланган ҳолда Европа бозорига экспорт қилмоқда. Экспорт махсус савдо режими — GSP+ доирасида амалга оширилмоқда.
«Европа Иттифоқининг мамлакатимизга GSP+, яъни махсус савдо режимини тақдим этиши Ўзбекистоннинг халқаро майдонда юқори даражада эътироф этилаётганидан далолат беради. Биз республикада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг келиб чиқишини тасдиқловчи сертификатларни берамиз. Махсус савдо режими доирасида мамлакатимиздан экспорт қилинадиган 6 мингдан ортиқ товар учун нол ставкасигача бўлган божхона преференциялари тақдим этилмоқда», — деди «Ўзбекэкспертиза» раҳбари.
Аъзамхўжаевнинг таъкидлашича, ташкилот Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг келиб чиқишини тегишли сертификатларни бериш орқали тасдиқлаш жараёнида иштирок этади.
Шу тариқа, REX тизимида рўйхатдан ўтган Ўзбекистон корхоналари GSP+ доирасида назарда тутилган божхона преференцияларидан фойдаланган ҳолда маҳсулотларини Европа бозорларига етказиб бериш имкониятига эга.