Ўзбекистон

Ўзбекистонда Fisherman ID рақамли тизими жорий этилади

Ўзбекистонда Fisherman ID рақамли тизими жорий этилади
Ўзбекистонда Fisherman ID рақамли тизими жорий этилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси «Балиқчи картаси» (Fisherman ID) рақамли тизимини жорий этиш бўйича тижорат таклифларини қабул қилишни эълон қилди.

Техник топшириққа кўра, ижрочилар тизим архитектураси, фойдаланувчи интерфейси дизайни ва ундан фойдаланиш тартибини тақдим этиши керак. Тақдим этиладиган аризалар белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.

Fisherman ID бир нечта функционал модулни ўз ичига олади. Улар қаторида тўлов тизими ва шахсий кабинетга эга балиқ овлаш билетларини расмийлаштириш, очиқ портал ва балиқ овлаш зоналари реестри, бронлаш ва QR-пропусклар тизими, ҳамкорлар учун шахсий кабинет, интеграция қилинган маркетплейс, шунингдек, биллинг ва таҳлил функцияларига эга маъмурий тизим бўлади.

Тизим Android ва iOS учун мобиль илова кўринишида ишлайди. Унинг Click ва Payme тўлов тизимлари, харита платформалари, Telegram Bot API ҳамда бошқа сервислар билан интеграция қилиниши назарда тутилган.

Ижрочи, шунингдек, тизим ахборот хавфсизлигини таъминлаши, уни қўмита серверларига жойлаштириши, тестдан ўтказиши, зарур ҳужжатларни тайёрлаши ва фойдаланувчиларни ўқитиши керак.

Тизим ишга туширилганидан сўнг 12 ой давомида кафолатли техник қўллаб-қувватлаш кўрсатилиши назарда тутилган.

Тижорат таклифлари [ecotourismhunting@uznature.uz] электрон почта манзили орқали қабул қилинади. Аризаларни топширишнинг сўнгги муддати — 23 сентябрь.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.