Ўзбекистон

Франция Ўзбекистонда ИИВ вакили фаолиятини йўлга қўйди

Франция Ўзбекистонда ИИВ вакили фаолиятини йўлга қўйди
Франция Ўзбекистонда ИИВ вакили фаолиятини йўлга қўйди / Фото: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Франция Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистондаги вакили Сирил Гу фаолиятини бошлади. У Франция вазирлигининг Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштириш учун масъул этиб тайинланган.

17 сентябрь куни у Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Учрашувда Сирил Гу Тошкентдаги фаолияти Ўзбекистон ва Франция ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Томонлар икки вазирлик ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, ходимлар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш масалаларига тўхталди.

Учрашув иштирокчилари ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда йўлга қўйилган алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбарияти Сирил Гуга фаолиятида муваффақиятлар тилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.