Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Японияда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги вакиллари хорижий мутахассисларни тайёрлаш, саралаш ва ишга жойлаштиришга ихтисослашган Onodera User Run компанияси президенти Jun Kato билан учрашди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Onodera User Run билан ҳамкорлик доирасида Тошкентда номзодларни Японияда ишлашга тайёрлаш дастурлари амалга оширилмоқда.
Таълим жараёни япон тилини ўрганиш ва касбий кўникмаларни эгаллашни ўз ичига олади.
Айни пайтда тайёргарлик ҳайдовчилик хизматлари, парвариш ва умумий овқатланиш билан боғлиқ йўналишлар бўйича олиб борилмоқда.
Учрашувда томонлар амалдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон ҳудудларида янги таълим марказларини очиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ёшларни тайёрлаш кўламини ошириш ҳамда уларнинг кейинчалик Японияда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.