Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Парижда бўлиб ўтаётган IFTM Top Resa 2026 халқаро туристик кўргазмасини фахрий меҳмон мақомига эга мамлакат сифатида очди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Миллий делегацияга Президент Администрациясининг креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова бошчилик қилди.
Кўргазма учун янги миллий стенд ишлаб чиқилди. Унда анъанавий ўймакорлик ва декоратив элементлар табиий ёғочдан тайёрланган замонавий функционал дизайн билан уйғунлаштирилган.
Концепция мамлакатни нафақат туристик йўналиш сифатида, балки халқаро ҳамкорлик учун маданий ўзига хосликка эга ҳамкор сифатида позициялашга янгиланган ёндашувни акс эттиради.
Келгусида мазкур дизайн бошқа халқаро кўргазмаларда ҳам қўлланилади.
Стендда туроператорлар, авиакомпаниялар ва меҳмонхона тармоқлари вакиллари билан ишбилармонлик учрашувлари ўтказилмоқда. «Маданият ва туризм ягона экотизимнинг бир қисмидир: улар маҳаллий ўзига хосликни сақлаш, ҳудудларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади», — деди Умерова.
Франциялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормоқда. 2025 йилда мамлакатга Франциядан қарийб 29,6 минг киши ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида бу кўрсаткич қарийб 15 минг нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 1,3 баравар юқори.
IFTM Top Resa кўргазмаси Европадаги туризм саноатининг энг йирик B2B майдончаларидан бири ҳисобланади. 2026 йилда ташкилотчилар қарийб 34 минг нафар ташриф буюрувчини кутиб олмоқда. Тадбир 15–17 сентябрь кунлари бўлиб ўтмоқда.