Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий давлат университетида Корейс тили ва маданияти маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказнинг очилиши Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Очилиш маросимида Навоий давлат университети ректори Муҳиддин Калонов, Bucheon University ректори Чан Чун Су, икки олий таълим муассасаси вакиллари ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Янги марказ Навоий давлат университети талабаларига корейс тили ва маданиятини ўрганиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Мазкур майдонча Корея Республикасидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Бундан ташқари, марказ талабаларнинг халқаро таълим имкониятларидан фойдаланишини кенгайтириш ва икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган.