Тошкентда Замонавий санъат маркази очилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 сентябрь куни Тошкентда CCA Tashkent Замонавий санъат маркази очилади.
Янги маданий лойиҳа 100 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган тарихий бинода жойлашади ҳамда замонавий санъат, таълим, тадқиқотлар ва жамоат ташаббусларини бирлаштиради.
Бино 1912 йилда меъмор Вильгельм Гейнцельман лойиҳаси асосида қурилган. Дастлаб у трамвай депоси сифатида фойдаланилган, кейинчалик дизель электр станциясига айланган.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида бинога хос тарихий қиёфа ва унинг саноат муҳити сақлаб қолинди, бинога эса янги функционал вазифа берилди.
Лойиҳа давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилмоқда. У тарихий меросни асраб-авайлаш билан бир вақтда замонавий маданий инфратузилма яратишга қаратилган.
Меъморий концепция Франциянинг Studio KO бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Унда тарихий меъморликни санъат, таълим ва жамоат фаолияти учун мўлжалланган замонавий маконлар билан уйғунлаштириш кўзда тутилган.
Марказ таркибида кўргазма заллари, таълим ва жамоат майдонлари, кутубхона ҳамда тадқиқот инфратузилмаси фаолият юритади.
Замонавий санъат кўргазмаларидан ташқари, майдонда маърузалар, кино намойишлари, муҳокамалар, тадқиқот лойиҳалари, концертлар ва перформанслар ўтказилади.
Лойиҳа яратувчилари CCA Tashkent’ни нафақат кўргазма майдони, балки маданий мулоқот ва ҳамкорлик учун макон сифатида ҳам кўришмоқда.
Ўтмишда энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган тарихий бино энди янги ижодий ғоялар ва маданий ташаббуслар учун майдонга айланиши керак.
Замонавий санъат маркази Тошкентдаги янги маданий масканлардан бирига айланиши ҳамда замонавий санъат ва Марказий Осиёдаги маданий-таълимий лойиҳалар ривожига ҳисса қўшиши кутилмоқда.