Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида ижтимоий тармоқларда биринчи синф ўқувчисини ўқитувчи ургани акс этган видео тарқалганидан сўнг хизмат текширувини ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузилди.
Бу ҳақда Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 16 сентябрь куни соат тахминан 10:30 да Қосонсой туманидаги 39-мактабда учинчи дарс вақтида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, бошланғич синф ўқитувчиси 1-«Б» синф ўқувчиси берилган матнни ўқий олмагани учун унга нисбатан жисмоний таъсир чорасини қўллаган.
Ҳозирда хизмат текшируви давом этмоқда. Текширув доирасида содир бўлган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, шунингдек, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини баҳолаш режалаштирилган.
Текширув натижаларига кўра, мактаб раҳбарияти ва ўқитувчига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Бошқарма таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шунингдек, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик зарурлигини алоҳида таъкидлади.