Молия

Ўзбекистон банклари 3,4 млрд сўмлик фирибгарлик операцияларини блоклади

Ўзбекистон банклари 3,4 млрд сўмлик фирибгарлик операцияларини блоклади
Ўзбекистон банклари 3,4 млрд сўмлик фирибгарлик операцияларини блоклади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-381-сон қарори ижроси доирасида мижозлар маблағлари ва мобиль қурилмаларини рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган Session-антифрод ва антивирус тизимларини жорий этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.

Session-антифрод тизими банк операцияларини хавф даражаси бўйича таҳлил қилади. Тизим томонидан юқори хавфли деб топилган операциялар блокланади. Бу шубҳали транзакциялар орқали маблағларни чиқариб кетиш эҳтимолини камайтиради.

Блокланган операциялар ҳажми ва сони бўйича «Xalq banki» етакчилик қилмоқда — 2 221 403 та операция бўйича 186,7 миллиард сўм блокланган. Кейинги ўринда TBC Bank бўлиб, 93 215 та операция бўйича 175,5 миллиард сўмлик операциялар блокланган. Uzum Bankда эса 18 022 та операция бўйича 68,1 миллиард сўм блокланган.

Рўйхатдан SQB ҳам ўрин олган — 1 733 та операция бўйича 23,7 миллиард сўм. «Ipak Yuli bank»да 1 364 136 та операция бўйича 5,6 миллиард сўм, «Hamkor bank»да 103 105 та операция бўйича 1,6 миллиард сўм, «Milliy bank»да 101 865 та операция бўйича 0,7 миллиард сўм, «Turon bank»да 3 121 та операция бўйича 7,7 миллион сўм, «Ipoteka bank»да 4 та операция бўйича 4,3 миллион сўм ва Open Bankда 6 309 та операция бўйича 2,5 миллион сўм блокланган. Қолган банклар ҳиссасига 14 210 139 та операция бўйича 3 миллион сўм тўғри келган.

Шу билан бирга, банкларнинг мобиль иловаларида зарарли дастурларни аниқлайдиган антивирус тизимлари ҳам ишламоқда. Улар фойдаланувчилар қурилмаларидаги хавфли .apk файллари ва иловаларини аниқлаб, банк хизматларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлайди.

Зарарли дастурий таъминот аниқлангани сабабли фойдаланиш имконияти чекланган қурилмалар сони бўйича «Ipak Yuli bank» етакчилик қилмоқда — 991 179 та қурилма. Уларнинг 57 326 таси кейинчалик зарарли дастурлардан тозаланган.

Кейинги ўринларда Orient Finans Bank — 93 117 та қурилма, уларни тозалаш бўйича маълумотлар мавжуд эмас; Agrobank — 55 955 та қурилма, шундан 30 997 таси тозаланган; APEX BANK — 30 506 та қурилма, 24 997 таси тозаланган; TBC Bank — 29 154 та қурилма, 18 181 таси тозаланган; InFinBank — 23 707 та қурилма, уларнинг барчаси тозаланган; SQB — 13 544 та қурилма, барчаси тозаланган; «Mikrokreditbank» — 11 285 та қурилма, 9 575 таси тозаланган; «Tenge bank» — 6 914 та қурилма, тозалаш бўйича маълумотлар мавжуд эмас; Open Bank — 5 998 та қурилма, 4 859 таси тозаланган.

Қолган банклар ҳиссасига фойдаланиш имконияти чекланган 25 877 та қурилма тўғри келган бўлиб, уларнинг 1 820 849 таси зарарли дастурлардан тозаланган.

Марказий банкда таъкидланишича, ушбу ҳимоя механизмлари фирибгарлик хавфларини эрта босқичда аниқлаш, шубҳали операцияларни ўз вақтида чеклаш ҳамда банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг маблағлари ва қурилмаларини ҳимоя қилиш имконини беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.