Иқтисод

Ўзбекистонда газ соҳасини қишга тайёрлаш бошланди

Ўзбекистонда газ соҳасини қишга тайёрлаш бошланди
Ўзбекистонда газ соҳасини қишга тайёрлаш бошланди / Фото: "Ўзбекнефтегаз" АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш тизимида куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳал қилувчи 30 кунлик босқичи бошланди.

«Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда корхона ва бошқармаларнинг иш натижалари, газ қазиб олиш кўрсаткичлари ҳамда истеъмолчиларни газ билан барқарор таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Йил бошидан буён корхоналар барқарор қазиб олишни таъминлаш мақсадида салмоқли ҳажмда ишларни амалга оширди. Шу билан бирга, зарур захиралар ва молиявий ресурслар мавжуд бўлишига қарамай, айрим йўналишларда кўрсаткичлар кутилган даражадан пастлигича қолмоқда.

Шу муносабат билан асосий эътиборни бевосита конлар, қудуқлар ва қазиб олиш учун масъул мутахассисларга қаратишга қарор қилинди.

«Қаерда хатоларга йўл қўяпмиз? Натижаларга эришиш учун яна қандай чоралар кўриш керак? Қиш яқинлашмоқда, халқимизга эса газ керак», — деди Абдуғани Сангинов.

Унинг сўзларига кўра, бошқарув қарорлари ҳар бир қудуқ ва ҳар бир конгача етиб бориши, уларнинг ижроси самарадорлиги эса аниқ натижа асосида баҳоланиши керак.

Газ қазиб олишда KPI асосида баҳолаш жорий этилади

Йиғилишда Муборак нефть ва газ қазиб олиш бошқармасида муайян қудуқларда газ қазиб олиш учун масъул ходимлар иш натижаларини KPI асосида баҳолаш тизими аллақачон қўлланилаётгани таъкидланди.

Ушбу ёндашувни тажриба тариқасида Жамиятнинг барча қазиб олиш бошқармаларига татбиқ этишга қарор қилинди.

Шу билан бирга, қазиб олишнинг базавий даражасини сақлаб қолаётган ва унинг пасайишига йўл қўймаётган бошқармаларни қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди. Бунинг учун ҳар ойлик рағбатлантириш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Ушбу чораларнинг асосий мақсади мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларини сақлаб қолиш, амалдаги қудуқлар самарадорлигини ошириш ва газ қазиб олиш ҳажмларининг пасайишини тўхтатишдан иборат.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.