Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қирғизистон фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги ҳамда Қирғизистоннинг «Кыргызфармация» давлат корхонаси ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Ҳужжат фармацевтика ва косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо алоқаларини кенгайтиришни назарда тутади.
Эришилган келишувлар доирасида томонлар илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар соҳасида тажриба алмашиш, мутахассислар учун семинарлар ва таълим дастурларини ўтказиш, шунингдек, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишни ҳам режалаштирмоқда.
Меморандумни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда «Кыргызфармация» давлат корхонаси директори Акилбек Туратбек уулу имзолади.
Келишувлар икки мамлакатнинг фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган.