Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10 кун давомида 96 415 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги маълум қилди. Агентлик 2026 йил 25 августдан 5 сентябрга қадар Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар натижаларини тақдим этди.
Қайд этилган фуқароларнинг 54 885 нафари тўғридан-тўғри Ўзбекистонга қайтиб келган, яна 41 530 нафари Қозоғистон орқали мамлакатга кириб келган.
Кўрсатилган даврда 5 467 нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. Жами масъул вазирлик ва идораларга 6 413 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар сутка давомида кўриб чиқилмоқда.
Фуқаролар билан ишлаш доирасида Россиянинг Москва, Тула, Курск, Калуга, Рязань, Орёл ва Воронеж каби етти ҳудудига сайёр ташрифлар амалга оширилди. Ушбу ташрифлар давомида мутахассислар 3 000 дан ортиқ фуқарони қамраб олди.
Иш йўналишларидан бири фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш бўлди. Масъул идоралар вакиллари 20 та йирик иш берувчи билан музокаралар ўтказди. Натижада 2 500 дан ортиқ бўш иш ўрни аниқланди.
Ҳисобот даврида 1 669 нафар фуқаро Ватанга қайтарилди. Уларнинг 660 нафари авиарейслар, 1 009 нафари эса автобуслар орқали мамлакатга етиб келди.
2 681 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Яна 726 киши Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари билан таъминланди.
272 нафар фуқарони ишга жойлаштиришга кўмаклашилди.
59 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди. 31 нафар фуқаро фойдасига иш ҳақи бўйича қарздорлик ундирилди. Яна 29 нафар фуқарога бошқа турдаги ёрдам кўрсатилди.
Масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идоралар фуқароларнинг мурожаатларини сутка давомида қабул қилмоқда.
2026 йил октябрь ойида фуқароларни меҳнат фаолиятига уюшган ҳолда жалб қилиш бўйича қўшма пилот лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Масъул идоралар хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ва меҳнат масалалари бўйича ёрдам кўрсатиш, оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз қолганлар учун янги иш имкониятларини излаш ҳамда Ватанга қайтиш истагида бўлганларга кўмаклашиш ишларини давом эттирмоқда.