Шавкат Мирзиёев 7–8 сентябрь кунлари Сербияга ташриф буюради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг таклифига биноан 7-8 сентябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Белград шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакатнинг расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес форуми ўтказилади.
Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан Ўзбекистон – Сербия кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тартибли меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кўзда тутилган.