Мирзиёев Бишкекда ШҲТ саммитида иштирок этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август — 1 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашувда иштирок этиш учун ишчи ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан амалга оширилади. Саммит кун тартибидан ШҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилади.
Йиғилиш якунида ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси, шунингдек, турли соҳалардаги шерикликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Жумладан, ҳужжатларда хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, экология, сунъий интеллект ва маданий-гуманитар алмашинув масалалари қамраб олинади.
Шавкат Мирзиёев Бишкекда бўлиш давомида саммит доирасида хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади.