Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стамбул аэропортида соғлиғи кескин ёмонлашиб, ҳушидан кетган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси мамлакатнинг Стамбулдаги Бош консуллиги ва Миграция агентлиги кўмагида Ватанига қайтарилди.
А. С. исмли йигит Туркияга ишлаш мақсадида борган. Бироқ соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли ишини давом эттира олмаган ва Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
У авиачипта сотиб олиб, Стамбул аэропортига келганидан сўнг аҳволи кескин ёмонлашиб, ҳушидан кетган.
Йигит зудлик билан Истанбулнинг Башакшеҳир туманидаги Çam ve Sakura шаҳар шифохонасига олиб борилган ва у ерда зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Даволаниш харажатларининг бир қисми Туркияда яшаётган ватандошлар томонидан қопланган. Улар қийин вазиятга тушиб қолган йигитга молиявий ёрдам кўрсатган.
Ўзбекистоннинг Стамбулдаги Бош консуллиги Миграция агентлиги билан биргаликда вазиятни назоратга олиб, фуқарони Ватанига қайтаришни ташкил этиш учун зарур чораларни кўрган.
Тегишли ташкилотлар кўмагида 19 ёшли А. С. Ўзбекистонга қайтарилди.
Бош консуллик ушбу вазиятга бефарқ бўлмай, йигитга ёрдам кўрсатган ватандошларга миннатдорлик билдирди.