Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашнинг кафолатли тизимини жорий этиш, давлат ветеринария назоратини янада такомиллаштириш ҳамда ветеринария тўғрисидаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш, профилактика тадбирларининг даволаш ишларига нисбатан устуворлиги ҳамда ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланмоқда.
Қонун билан “Ветеринария тўғрисида”ги Қонунга ветеринария соҳасидаги асосий принципларни белгилаш, давлат, идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари ҳамда хусусий ветеринария фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ хавфни таҳлил қилиш ва бошқаришга қаратилган тузатишлар киритилмоқда.
Шунингдек, соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва нормаларига уйғунлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари бўйича ҳудудлар ва кичик ҳудудларни (компартментларни) ажратиш, уларнинг хавфсизлик тоифаларини белгилаш, ветеринария-санитария чораларини хавф таҳлили асосида қўллаш ҳамда давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни зарур ҳолларда лаборатория текширувидан ўтказишга оид тартиб ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Сенаторлар фикрича, Қонун миллий қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, мамлакатимизда ветеринария осойишталиги ва ветеринария назоратидаги товарларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.