Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қирғизистон амалдаги «Дўстлик» пунктидан майдони ва ўтказувчанлик имкониятлари икки баравар катта бўлган янги «Кесканъёр» чегара пунктини очишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Янги чегара пункти лойиҳасини уч ой муддатда ишлаб чиқиш ва уни қуришни бошлаш вазифаси қўйилди.
«Кесканъёр» пункти ишга туширилиши юк ташиш ҳажмини 2–3 баравар ошириш, шунингдек, юкларнинг чегарадан ўтиш муддатини тахминан бир ҳафтага қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.