Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманганда жамоат транспорти сифатини ошириш ва экологик тоза транспорт хизматларини кенгайтириш мақсадида янги электробусларни йўналишларга чиқариш режалаштирилмоқда. Хитойдан 125 та автобус етказиб бериш бўйича тузилган шартнома доирасида дастлабки 10 та Zhongtong электробуси шаҳарга олиб келинди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-59-сон қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Бунда замонавий автобуслар сонини кўпайтириш ва йўловчилар учун янада қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган давр мобайнида Наманган вилояти тадбиркорлари шаҳар учун 108 та замонавий автобус харид қилди. Улар брутто-шартномалар асосида 10 та йўналишда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Экологик тоза транспортни янада ривожлантириш мақсадида «Turon-95 MBI» МЧЖ Хитойда ишлаб чиқарилган 125 та замонавий автобусни харид қилиш бўйича шартнома тузди. Ушбу келишув доирасида Наманганга 10 та Zhongtong русумли электробус олиб келинди.
Тендер жараёнлари якунларига кўра электробусларни «Отчопар — Чорсу» йўналишига тақсимлаш ва Наманган шаҳар йўл-транспорт тизимининг бош режасига мувофиқ брутто-шартнома асосида ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Янги электробусларга хизмат кўрсатиш доирасида 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Электробусларнинг етиб келиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззаков, вилоят прокурори Умирбек Мадрахимов ҳамда масъул вакиллар иштирок этди.
Иштирокчилар электробусларнинг техник хусусиятлари, йўловчилар учун яратилган шароитлар ва улардан шаҳар йўналишларида фойдаланиш имкониятлари билан танишди.
Янги электробусларнинг ишга туширилиши Наманган шаҳри жамоат транспортини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва экологик барқарор транспорт тизимини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.