Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Польша ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 11-раунди бўлиб ўтди. Музокаралар икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, шунингдек, халқаро масалалар бўйича ҳамкорликка бағишланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадрахимов, Польша делегациясига эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Войтех Зайончковский раҳбарлик қилди.
Маслаҳатлашувлар давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги муносабатларнинг жорий ҳолати ҳамда истиқболларини кўриб чиқди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Польша соҳавий вазирликлари ҳамда компаниялари ўртасида ўзаро ташрифларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат вакиллари долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бошқа кўп томонлама халқаро тузилмалар доирасидаги фаолиятни яқин мувофиқлаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Маслаҳатлашувлар якунида Ўзбекистон–Польша ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.