Иқтисод

Минск вилояти делегацияси Фарғона салоҳиятини ўрганди

Минск вилояти делегацияси Фарғона салоҳиятини ўрганди
Минск вилояти делегацияси Фарғона салоҳиятини ўрганди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусь Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко бошчилигидаги Минск вилояти делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюриб, инвестиция лойиҳалари, саноат корхоналари ва ҳудуднинг туристик салоҳияти билан танишди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Ташриф доирасида делегация Учкўприк ва Фурқат туманларида, шунингдек, Қўқон шаҳрида бўлди.

Беларусь вакиллари бу ерда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда тарихий-маданий объектлар билан танишди.

«Қўқон» эркин иқтисодий зонасида делегация «SADAF SUT» оилавий корхонасига ташриф буюриб, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Шунингдек, меҳмонлар гипсокартон ва декоратив қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётган «BNBM Building Materials Central Asia» корхонаси фаолиятини кўздан кечирди. Хорижий инвестиция иштирокидаги «Yong Xin» корхонасида эса керамик плитка ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Фурқат туманида Минск вилояти вакиллари «Musawartex Group» қўшма корхонаси томонидан амалга оширилган ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Делегация, шунингдек, Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасига ташриф буюриб, ҳудуднинг тарихий-маданий мероси билан танишди.

Ташриф давомида Фарғона ва Минск вилоятлари вакиллари саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди. Музокаралар якунлари бўйича томонлар келгусидаги ҳамкорлик масалаларини келишиб олди.

Делегацияга Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ҳамроҳлик қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.