Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги давлат умумтаълим мактабларида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича профилактика чоралари кучайтирилмоқда.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) ва масъул идоралар ҳамкорлигида махсус ахборот плакатлари ишлаб чиқилди. Улар ўқувчиларга Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни қоидаларини тушунтириш ҳамда уларнинг эҳтимолий таҳдидлар ҳақидаги хабардорлигини оширишга қаратилган.
Айни пайтда материаллар мамлакатдаги деярли барча давлат умумтаълим мактабларида ўқувчилар танишиши учун қулай жойларга жойлаштирилмоқда.
Плакатлар болаларга ўз ҳуқуқларини яхшироқ тушуниш, зўравонликнинг турли шаклларини таниб олиш ва улар қандай ҳаракатларда намоён бўлиши мумкинлигини англашга ёрдам беради. Шунингдек, ўқувчиларга шундай вазиятга дуч келган тақдирда қаерга ва қандай тарзда мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилмоқда.
Материалларнинг алоҳида қисми таълим учун масъул шахсларга мўлжалланган. Уларда болага нисбатан зўравонлик ҳолати аниқланган тақдирда кўрилиши зарур бўлган чоралар ҳақида маълумот берилган.
Хабардорликни ошириш болаларни зўравонликдан бирламчи ҳимоя қилишнинг асосий элементларидан бири сифатида қаралмоқда. Ахборот материаллари ўқувчиларга бундай вазиятларни ўз вақтида таниб олиш ва ёрдам сўрашнинг мавжуд механизмларини билишга кўмаклашиши кўзда тутилган.
Ушбу чоралар мактабларда ҳар бир боланинг зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланадиган хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган.