7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда дориларни рецептсиз сотиш қоидалари янгиланди

Ўзбекистонда дориларни рецептсиз сотиш қоидалари янгиланди
Ўзбекистонда дориларни рецептсиз сотиш қоидалари янгиланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган тоифаларга ажратиш тартиби янгиланди.

Ҳужжат 2026 йил 12 ноябрь куни Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди. Унга киритилган ўзгартиришлар дорихоналарда шифокор рецептисиз сотилиши мумкин бўлган дори воситаларига қўйиладиган мезонларни белгилайди.

Хусусан, дори воситаси тиббиёт мутахассисининг назоратисиз мустақил ва хавфсиз қўллаш учун яроқли бўлиши керак. Уни нотўғри ишлатиш, меъёрдан ортиқ қабул қилиш, суиистеъмол қилиш ёки эҳтиётсиз муомалада бўлиш билан боғлиқ хавфлар паст даражада қолиши лозим.

Шунингдек, истеъмолчилар учун мўлжалланган йўриқноманинг тўлиқлиги ва тушунарлилиги, фармаконазорат ҳамда рўйхатдан ўтказилгандан кейинги назорат натижалари ҳам инобатга олинади. Яна бир мезон сифатида дори воситасининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинган тартибга солувчи органлар томонидан рецептсиз бериладиган дорилар тоифасига киритилгани белгиланди.

Комбинацияланган препаратлар ҳам рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатига киритилиши мумкин

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, таркибида икки ёки ундан ортиқ фаол модда мавжуд бўлган дори воситаларини ҳам рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатига киритишга рухсат этилади.

Бундай аризаларни кўриб чиқишда ҳар бир модданинг терапевтик таъсири, шунингдек, уларни биргаликда қўллашнинг фойда ва хавф нисбати баҳоланади. Бундан ташқари, компонентларнинг ўзаро таъсири ва уларни бирлаштиришнинг клиник асосланганлиги ҳам ҳисобга олиниши керак.

Дори воситасининг меъёрдан ортиқ қабул қилиниши ва нотўғри қўлланилиши мумкин бўлган оқибатларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳужжат, шунингдек, дори воситасини рецепт билан бериладиган тоифадан рецептсиз бериладиган тоифага ўтказиш бўйича аризаларни қайта топшириш шартларини енгиллаштиради.

Агар давлат органлари бундай ўзгартиришни амалга оширишни аввал рад этган бўлса, ариза берувчи уч йиллик муддат тугамасидан олдин қайта мурожаат қилиши мумкин. Бунинг учун аниқланган камчиликлар бартараф этилганини тасдиқловчи далиллар ёки препаратнинг хавфсизлиги ва самарадорлигига оид янги маълумотлар тақдим этилиши талаб этилади.

Бундан ташқари, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига («Ўзфармконтроль») дори воситасининг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқи берилди.

Дори воситасининг хавфсизлиги ёки самарадорлигига оид янги маълумотлар, фармаконазорат ва рўйхатдан ўтказилгандан кейинги назорат натижалари, шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришлар унинг тоифасини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.