Ўзбекистон

Ўзбекистонда «Фидойи волонтёр» кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистонда «Фидойи волонтёр» кўкрак нишони таъсис этилди
Ўзбекистонда «Фидойи волонтёр» кўкрак нишони таъсис этилди / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти 2026 йил 6 ноябрь куни «Волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-240-сонли Фармонни имзолади.

Ҳужжат билан «Фидойи волонтёр» кўкрак нишони таъсис этилди, талабалар учун профессионал волонтёрлик дастури жорий қилинади ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига ишга қабул қилишда волонтёрларга устунлик берилади.

Фармонда волонтёрликни «Эзгулик сари қадам» шиори остида умуммиллий ҳаракатга айлантириш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифаси белгиланган.

Бунинг учун волонтёрлар иштирокида ижтимоий аҳамиятга эга тадбирлар, лойиҳалар ва акцияларни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш режалаштирилган.

Кўкрак нишонини таъсис этишдан ташқари, ҳужжатда 5 декабрь — Халқаро волонтёрлар кунини кенг нишонлаш ҳамда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида Осиё волонтёрлар форумини мунтазам ўтказиш ҳам назарда тутилган.

Волонтёрлик фаолиятини оммалаштиришнинг асосий мақсадлари аҳолида, биринчи навбатда, ёшларда ижтимоий масъулият, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам ва меҳр-оқибат туйғуларини шакллантиришдан иборат.

Бундан ташқари, фармон ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга беғараз ёрдам кўрсатиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган хайрия тадбирларини ўтказишни ҳам кўзда тутади.

2027 йилдан бошлаб аҳолида, айниқса, ёшлар ва давлат хизматчиларида волонтёрлик бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида Service Learning, яъни ижтимоий хизмат асосида таълим олиш дастури бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилади.

Давлат олий таълим муассасалари талабалари ва техникум ўқувчилари учун «Касбий волонтёрлик» дастури йўлга қўйилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари талабаларнинг ўқишдан бўш вақтларида волонтёрлик гуруҳлари таркибида фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиши лозим. Дастурда иштирок этиш ихтиёрий бўлади, волонтёрлик йўналиши эса талабанинг таълим олаётган мутахассислигига мос келиши керак.

2027 йил 1 январдан бошлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига ижтимоий ходим лавозимига ишга қабул қилишда тажриба тариқасида волонтёрлик тажрибасига эга номзодларга устунлик берилади. Бу қоида номзодларнинг малака кўрсаткичлари тенг бўлган тақдирда қўлланилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.