Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида 2026 йил кузида 332 гектар майдонда саноатбоп интенсив боғлар барпо этиш режалаштирилган.
Ишлар Ўзбекистон Президентининг ПФ-108-сон фармони доирасида 16 нафар тадбиркор томонидан амалга оширилади. Янги боғларнинг бир қисми эски боғлар ўрнида, қолгани эса буғдой экиладиган майдонларни қисқартириш ҳисобига бўшатиладиган ерларда ташкил этилади.
Режага кўра, 200 гектар интенсив боғ эскирган боғлар ўрнида, яна 132 гектари эса донли экинлар майдонларини қисқартириш ҳисобига барпо этилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов туманда лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёни билан танишди. Жумладан, у «Тойчи Неъматов Бекабод» агрофирмаси ҳудудида жойлашган «Пўлатов Қодир» фермер хўжалигига ташриф буюрди. Бу ерда 10 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ҳоким «Поромон Шоҳрухмирзо» массиви ҳудудида Sura General Investments корхонасига ажратилган қўшимча 200 гектар майдондаги ишлар билан танишди. Ҳозирда бу ерда ҳудудни ўраш ишлари олиб борилмоқда.
Яна бир лойиҳа Namangan-agro star компанияси билан боғлиқ бўлиб, Янгиқўрғон тумани ушбу корхона учун таянч ҳудуд этиб белгиланган.
Корхонага Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Наманган илмий-тажриба станциясига қарашли 100 гектар ер ижарага берилган. Участка Булоқбоши маҳалласида жойлашган.
Ушбу ҳудудда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган ҳолда Black Splendor ва Stanley навли қора олхўри интенсив плантациясини барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳада ҳосилни қайта ишлаш, саралаш ва сақлаш, кейинчалик эса маҳсулотни экспортга етказиб бериш учун агрокомплекс қуриш ҳам кўзда тутилган.
Туманда интенсив боғдорчилик бўйича муайян тажриба ҳам мавжуд. «Наманган шарбати» компанияси Боғистон маҳалласида 68 гектар майдонда боғ ташкил этган. Унда Fuji, Pink Lady ва Golden навли олмалар етиштирилади. Жорий йилда бу ерда 100 тонна олма ҳосили йиғиб олиниб, экспорт ва қайта ишлашга йўналтирилган.
Объектларга ташриф якунлари бўйича вилоят ҳокими масъулларга лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар берди.
Белгиланган вазифалар қаторида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳам бор.