Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор аграр технологияларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тақдимот билан Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш ва инновацияларни жорий этиш департаменти раҳбари Жамолиддин Бобаханов иштирок этди.
Тадбир вазирлик марказий аппарати ходимлари учун навбатдаги «Касбий маърифат соати» доирасида ўтказилди.
Тақдимот давомида Хитойга амалга оширилган хизмат сафари якунлари, ўрганилган тажрибалар ва ташриф чоғида эришилган келишувлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, Хитойнинг чорвачилик ва уруғчилик соҳаларидаги тажрибаси, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, шунингдек, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ушбу тажрибани Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўллаш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, хорижий тажрибани ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, уни маҳаллий шароитга мослаштириш, соҳага ихтисослашган ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.