Ўзбекистон

Наманган вилоятида 6,4 млрд сўмлик кўприк реконструкция қилинмоқда

Наманган вилоятида 6,4 млрд сўмлик кўприк реконструкция қилинмоқда
Наманган вилоятида 6,4 млрд сўмлик кўприк реконструкция қилинмоқда / Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида «Балиқкўл – Исковот» автомобиль йўлидаги Бекабод сойи устидан ўтган кўприк реконструкция қилинмоқда.

Лойиҳа қиймати 6,4 млрд сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов объектдаги қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. У лойиҳани амалга ошириш суръатлари ва бажарилган ишлар билан танишди. Шунингдек, масъулларга қурилиш меъёрларига риоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва ишларни белгиланган муддатларда якунлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Реконструкция ишларига эски кўприкнинг ҳолати сабаб бўлган.

Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, сел келган вақтларда аввалги кўприкдан ҳаракатланиш хавфли бўлиб, маҳаллий аҳоли ва транспорт воситалари учун қийинчиликлар туғдирган.

Лойиҳа учун маблағлар Табиий офатлар жамғармасидан ажратилган. Реконструкциядан сўнг кўприкнинг эни 12 метр, узунлиги эса 24 метрни ташкил этади.

Айни вақтда транспорт ҳаракати учун айланма йўл ташкил этилган, эски кўприк эса демонтаж қилинган.

Қурилиш майдонида 40 та бетон қозиқ ўрнатилган, кўприк остидаги асос текисланган, арматура каркаси монтаж қилинган ва бетонлаш ишлари бажарилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.