Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Лондон иқтисодиёт ва сиёсат фанлари мактаби (LSE)га ташрифи давомида олий таълимни молиялаштириш ва таълим кредитларини бошқариш бўйича Британия тажрибасини ўрганди. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Сафар Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди. Делегация таркибидан Буюк Британияда хизмат сафарида бўлиб турган вазирлик ва идоралар вакиллари ўрин олди.
Дастурнинг иккинчи кунида иштирокчилар таълим кредитларини ажратиш, қарз мажбуриятларини ҳисобга олиш, тўловларни қабул қилиш ва қарздорликни ундириш механизмлари билан танишди. Шунингдек, ушбу жараёнларда солиқ органларининг иштироки ва давлат идоралари ўртасида ахборот алмашинуви масалалари муҳокама қилинди.
Таълим кредитларини қайтаришда солиқ маъмуриятчилигини қўллашнинг амалий масалалари муҳокамасида Солиқ қўмитаси департаменти директори Турабек Тураев иштирок этди. Хусусан, солиқ органларининг иш берувчилар ва ваколатли давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик механизмлари кўриб чиқилди.
Таълим кредитлари бўйича тўловларни йиғиш, қарздорликни ҳисобга олиш ва уни ундиришда солиқ маъмуриятчилиги воситаларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Британия тажрибасини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда таълим кредитлари тизими шаффофлигини ошириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар таклиф этилди.
Хизмат сафари доирасида хорижий тажрибани ўрганиш ишлари давом этмоқда.