Ўзбекистон

Қарши давлат университети ўқиш ва илмий изланиш имкониятларини кенгайтирди

Қарши давлат университети ўқиш ва илмий изланиш имкониятларини кенгайтирди
Қарши давлат университети ўқиш ва илмий изланиш имкониятларини кенгайтирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Қарши давлат университетида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Университетда 14 мингдан ортиқ талаба бакалавриат ва магистратура босқичларида, кундузги, сиртқи ва масофавий шаклларда таҳсил олмоқда. Бу ерда 579 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат қилади.

Таълим дастурларини халқаро талабларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инглиз филологияси, математика, амалий математика ва физика йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтказилган. Россия ва Беларусь олийгоҳлари билан 14 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.

Тиллар факультетида минг ўринли замонавий медиа студия, шунингдек, хитой, немис, француз, инглиз ва рус тиллари марказлари ташкил этилган. Халқаро дастурлар доирасида синхрон таржимонлар тайёрланмоқда. Еттита лабораторияни бирлаштирган Халқаро лабораториялар марказида сунъий интеллект, машинали ўқитиш ва робототехника йўналишларида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ўтган йили муассасада кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Талабаларнинг яшаш шароитлари яхшиланди. Учта янги ётоқхона қурилиши натижасида 1 минг 300 дан ортиқ қўшимча ўрин яратилиб, талабалар турар жойига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланган. Университет ҳудудида 240 ўринли болалар боғчаси, кутубхона, ошхоналар, ёшлар маркази ва анжуманлар саройи фаолият юритмоқда. Олийгоҳ қошида “Лочин” футбол жамоаси ташкил этилиб, унинг машғулотлари учун замонавий майдон қурилган.

Президентимиз университетнинг талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.

Шунинг билан давлатимиз раҳбари Қашқадарёга сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.