Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209¹-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имкониятини яратиши мумкин. Натижада ҳақиқий давлат хизматчисини бошқа шахсдан ажратиш қийинлашади.
Шу муносабат билан қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Белгиланаётган нормалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келиши мумкин бўлган турли талқинларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.