Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

«Корзинка» Педро Мартиньони бош директор этиб тайинлади

Дилафруз Ниязова · 02.09.2026 · 12:35 · 30 views
«Корзинка» Педро Мартиньони бош директор этиб тайинлади
«Корзинка» Педро Мартиньони бош директор этиб тайинлади / Фото: «Корзинка».

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги «Корзинка» супермаркетлар тармоғи компания Кузатув кенгаши томонидан ўтказилган халқаро қидирув натижаларига кўра, Педро Мартиньони бош директор лавозимига тайинлади. Педро Тошкентга кўчиб келган ва 2026 йил 2 сентябрь куни расман лавозимига киришган. Бу ҳақда «Корзинка» хабар берди.

Компаниянинг янги раҳбари Польша, Португалия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Озарбайжоннинг етакчи озиқ-овқат чакана савдо тармоқларида 30 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга. Фаолияти давомида у савдоларни бошқариш, мерчандайзинг, харидорлар билан ишлаш, таъминот занжири, рақамли ечимлар ва дўконларни бошқариш соҳаларида тажриба орттирган.

«Корзинка»га қўшилишидан олдин Мартиньо Польшадаги Eurocash Group компаниялар гуруҳида ишлаган ва 2003 йилда унинг Бошқарув кенгаши таркибига кирган. У дўконлар тармоғини кенгайтириш, логистика ва технологияларга инвестициялар киритиш орқали компания фаолиятини кенгайтириш жараёнларида иштирок этган. Мартиньонинг Eurocash’даги сўнгги лавозими Польшадаги етакчи озиқ-овқат онлайн-ритейл компанияси Frisco.pl бош директори бўлган.

«Корзинка» асосчиси, Кузатув кенгаши раиси ва компаниянинг асосий акциядори Зафар Ҳошимов Педрони маҳаллий бозорни чуқур биладиган мутахассислар ҳамда ритейл соҳасида халқаро тажрибага эга раҳбарларни бирлаштирган жамоада қарши олишдан мамнун эканини таъкидлади.

Мартиньонинг ўзи Ўзбекистонда бундан 20 йилдан ортиқ вақт аввал Польша бозорини жозибадор қилган жиҳатларни кўраётганини билдирди. У динамик иқтисодиёт, аҳоли сонининг тез ўсиши, истеъмолчиларнинг ортиб бораётган талаблари ва иқтисодий ислоҳотлар билан мустаҳкамланган узоқ муддатли салоҳиятни алоҳида қайд этди.

«Корзинка» — 1996 йилда ташкил этилган Ўзбекистондаги етакчи супермаркетлар тармоғи. Компаниянинг озиқ-овқат маҳсулотларини замонавий чакана савдо қилиш бозоридаги улуши энг яқин рақобатчисининг улушидан тўрт баравар юқори. Компания супермаркетлар, «уй ёнидаги» дўконлар, Korzinka Go электрон савдо платформаси ва Korzinka Biznes B2B йўналишини ўз ичига олган кўп форматли омниканал моделни ривожлантирмоқда. Компания ходимлари сони 16 минг нафардан ортиқ.

2020 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Корзинка»нинг миноритар инвесторига айланди. Бу ЕТТБнинг Ўзбекистонга ўн йил ичида киритган биринчи инвестицияси бўлган. 2025 йилда компания халқаро инвесторлар — Abu Dhabi Uzbek Investment (ADUI) ва Uzbek-Oman Investment Company (UzOman)дан капиталга 110 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилди.