Ўзбекистон ва Сингапур стратегик шериклик алоқаларини кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Сингапур Республикасининг Катта вазири Ли Сянь Лун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат аввалида Катта вазир Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнам ва Бош вазири Лоуренс Вонгнинг самимий саломи ҳамда эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Сингапур муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сиёсий мулоқот ҳамда барча даражалардаги икки томонлама алоқалар фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Сингапурнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди.
Сингапур ишбилармонларининг юртимиздаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириш режалари қўллаб-қувватланди. Стратегик ва инновацион шериклик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни ишлаб чиқиб, унда савдо, инвестициялар, технологиялар трансфери, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларга устуворлик беришга келишиб олинди.
Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, Тошкент халқаро молия маркази ва рақамли банк тизимини ривожлантиришда Сингапурнинг илғор тажрибасини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сингапур олий таълим муассасаларининг мамлакатимиздаги фаолияти бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши билдирилди.
Юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини баҳолаш ва қўшма режаларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ва иқтисодий тузилмалар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Медиaция тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилгани олқишланди.
Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.