Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Aero Nomad Тошкент ва Бишкек ўртасида парвозларни бошлади

Дилафруз Ниязова · 24.08.2026 · 21:42 · 46 views
Aero Nomad Тошкент ва Бишкек ўртасида парвозларни бошлади
Aero Nomad Тошкент ва Бишкек ўртасида парвозларни бошлади / Фото: Uzbekistan Airports.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қирғизистоннинг Aero Nomad авиакомпанияси 23 август куни Бишкек — Тошкент — Бишкек йўналиши бўйича илк мунтазам парвозни амалга оширди. Airbus A320 самолёти маҳаллий вақт билан соат 22:22 да Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Бишкекдан Тошкентга амалга оширилган илк рейс билан 163 нафар йўловчи келган. Қирғизистон пойтахтига қайтиш рейси учун 74 нафар йўловчи рўйхатдан ўтган. Янги авиакомпания самолёти аэропортда анъанавий сув аркаси билан кутиб олинган, йўловчиларга эса миллий таомлар тақдим этилган.

Aero Nomadнинг Бишкек ва Тошкент ўртасидаги мунтазам парвозлари ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Йўналишда Airbus A320 самолётларидан фойдаланилади.

Янги йўналишнинг ишга туширилиши билан Aero Nomad Тошкент ва Бишкек ўртасида парвозларни амалга ошираётган учинчи авиакомпанияга айланди. Икки пойтахт ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини шунингдек Uzbekistan Airways ва Centrum Air авиакомпаниялари таъминламоқда.

Келгусида Aero Nomad Ўзбекистондаги йўналишлар тармоғини кенгайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Хусусан, авиакомпания Бишкекдан Самарқанд ва Урганчга парвозларни йўлга қўйиш масаласини ўрганмоқда.

Aero Nomad — 2021 йилда ташкил этилган ва Бишкек халқаро аэропортида базалашган Қирғизистон авиакомпанияси. Ташувчи Airbus A320 оиласига мансуб самолётларда мунтазам ва чартер рейсларни амалга оширади.