Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» ва Schlumberger рақамли ҳамкорликни кенгайтиради

Дилафруз Ниязова · 24.08.2026 · 22:44 · 32 views
«Ўзбекнефтгаз» ва Schlumberger рақамли ҳамкорликни кенгайтиради
«Ўзбекнефтгаз» ва Schlumberger рақамли ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва АҚШнинг Schlumberger компанияси технологик ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш ва конларни бошқариш учун замонавий ечимларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» хабар берди.

Компания бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Schlumberger компаниясининг Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Ли Дань бошчилигидаги делегация билан учрашди. Томонлар ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.

Музокараларда нефт-газ соҳасига замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Устувор йўналишлар сифатида конларни бошқариш, геофизик тадқиқотлар, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, моделлаштириш ҳамда геологик маълумотларни бошқариш белгиланди.

Компаниялар вакиллари, шунингдек, Schlumberger томонидан илгари сурилган таклифлар ва уларни ўзаро манфаатли шартлар асосида янада ўрганиш ҳамда амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида томонлар технологик ечимлар устида биргаликда ишлашни давом эттириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва геология-қидирув ишларини такомиллаштиришга тайёр эканини билдирди.

Абдуғани Сангинов ҳамкорликнинг амалий натижадорлигини ошириш, илғор технологияларни жалб қилиш ва амалдаги лойиҳаларни самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Музокаралар якунида «Ўзбекнефтгаз» ва Schlumberger ҳамкорликни мустаҳкамлаш, истиқболли йўналишларни муҳокама қилишни давом эттириш ва кейинги амалий қадамларни мувофиқлаштиришга келишиб олди.