Ўзбекистонда бизнес учун давлат хизматлари соддалаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ давлат хизматларининг 50 фоизи «сукут – розилик» тамойилига ўтказилади.
Агар тадбиркорнинг аризаси белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган деб ҳисобланади. Бу ҳақда 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, лицензия бериш рад этилган ҳар бир ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан ўрганилади. Шу билан бирга, лицензия беришни асоссиз равишда рад этганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 30 дан ортиқ фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Яна 35 та фаолият тури бўйича тегишли ҳужжатларни бериш муддатлари икки-уч бараварга қисқартирилади.
Яна 10 турдаги рухсатномани хабардор қилиш тартибига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу тадбиркорларга аввалги рухсат бериш тартибидан ўтиш ўрнига хабардорнома юборганидан кейин тегишли фаолиятни бошлаш имконини беради.
Озиқ-овқат маҳсулотлари экспортчилари учун ҳам алоҳида ўзгартишлар назарда тутилмоқда. Улар учун алоҳида ветеринария, санитария ва фитосанитария рухсатномалари ўрнига ягона «Соғлиқ сертификати» жорий этилади.
Таклиф этилаётган чоралар тадбиркорларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, зарур рухсатнома ва лицензияларни олиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.