Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон 100 дан ортиқ замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуришни режалаштирмоқда

Дилафруз Ниязова · 14.08.2026 · 11:50 · 34 views
Ўзбекистон 100 дан ортиқ замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуришни режалаштирмоқда
Ўзбекистон 100 дан ортиқ замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуришни режалаштирмоқда / Фото: Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ҳамда АҚШнинг «Gulf» компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистонда замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини ташкил этиш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда халқаро стандартларни жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, «Gulf» компанияси томонидан республиканинг турли ҳудудларида замонавий стандартларга жавоб берадиган 100 дан ортиқ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини (АЁҚШ) ташкил этиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Учрашувда хорижий компания вакиллари Ўзбекистонда ёқилғи бозори ва тегишли инфратузилманинг жадал ривожланаётгани хорижий инвесторларнинг ушбу йўналишга қизиқишини ошираётганини қайд этди.

Шунингдек, бозорнинг ўсиши ва истеъмолчилар талабининг ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, АЁҚШларни лойиҳалаш ва ташкил этишда замонавий халқаро стандарт ва меъёрларни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таклиф этилаётган намунавий лойиҳаларда ёқилғи шохобчаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, хавфсизлик талабларини кучайтириш, экологик хавфларни минималлаштириш ҳамда истеъмолчиларга сифатли ва замонавий хизмат кўрсатиш имкониятларини яратиш кўзда тутилаётгани таъкидланди.

Томонлар мазкур йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш, замонавий стандартларни маҳаллий шароитга мослаштириш ва истиқболдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

«Gulf» — энергетика ва нефть-газ соҳасида фаолият юритувчи халқаро бренд бўлиб, унинг тарихи 1901 йилда ташкил этилган "Gulf Oil Corporationн" компаниясига бориб тақалади. Бугунги кунда «Gulf» бренди турли мамлакатларда лицензия ва ҳамкорлик асосида фаолият юритиб, ёқилғи қуйиш шохобчалари, мойлаш материаллари ва бошқа нефть маҳсулотлари йўналишларида танилган.