Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Беҳруз Каримов фаолиятини Швейцариянинг «Лугано» клубида давом эттиради

UzDaily таҳририяти · 08.08.2026 · 18:10 · 25 views
Беҳруз Каримов фаолиятини Швейцариянинг «Лугано» клубида давом эттиради
Беҳруз Каримов фаолиятини Швейцариянинг «Лугано» клубида давом эттиради / Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов Швейцариянинг «Лугано» клуби билан шартнома имзолади ва фаолиятини Швейцария чемпионатида давом эттиради. 19 ёшли футболчининг трансфери ҳақида Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Каримов 2007 йил 7 августда туғилган ва «Одил Джуниор» академиясида тарбия олган. Кейинчалик у Тошкентнинг «Олимпик» клубида ўйнаган, 2025 йил февраль ойида эса Термизнинг «Сурхон» жамоаси футболчисига айланган.

Ўнг қанот ҳимоячиси Ўзбекистон чемпионатида ўзини тезда намоён этиб, миллий терма жамоага чақирув олди. 2026 йилги жаҳон чемпионатида Каримов Колумбия ва Португалия терма жамоаларига қарши учрашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибида майдонга тушди.

1908 йилда ташкил этилган «Лугано» Швейцариянинг энг қадимий футбол клубларидан бири ҳисобланади. Жамоа мамлакат чемпионатида уч марта ғолиб чиққан ва Швейцария Кубогини тўрт марта қўлга киритган.

2025/26 мавсумида «Лугано» Швейцария Суперлигасида учинчи ўринни эгаллади. Клуб 38 та учрашувда 19 та ғалаба қозонди, 10 марта дуранг ўйнади ва 9 та мағлубиятга учради. Жамоа мавсумни 67 очко билан якунлади.

Мавсум якунига кўра, «Лугано» УЕФА Конференциялар лигаси саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.