Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги янги қонунни маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 07.08.2026 · 21:11 · 54 views
Сенат ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги янги қонунни маъқуллади
Сенат ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги янги қонунни маъқуллади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хизматни муносиб рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур Қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминотини миллий қонунчилик асосида комплекс тартибга солишга хизмат қилади.

Муҳокамада қайд этилганидек, шу вақтга қадар мазкур соҳадаги муносабатлар асосан собиқ Иттифоқ даврида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда айрим халқаро келишувлар асосида тартибга солиб келинган. Янги Қонун эса мазкур муносабатларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва миллий қонунчилиги талаблари асосида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Биринчи марта давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси, хизмат йиллари учун пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш шартлари, уларни ҳисоблаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ягона қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, узоқ йиллар давомида ҳалол хизмат қилган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий рағбатлантиришга қаратилган муҳим янгиликлар назарда тутилган. Хусусан, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган шахслар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилмоқда.

Муҳими, мазкур ижтимоий кафолатлар фақат келгусида пенсияга чиқадиган ҳарбий хизматчиларга эмас, балки бугунги кунда пенсия олаётган, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.

Қонунда Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилган инсонларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, ҳарбий хизматчи хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган ёки хизмат даврида олган жароҳати ёки касаллиги оқибатида вафот этган ҳолларда унинг оила аъзоларининг давлат томонидан пенсия билан таъминланишига оид кафолатлар мустаҳкамланмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур Қонун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг хизматини муносиб қадрлаш ҳамда оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.