Самарқандда юк машинаси ҳайдовчиси ЙТҲда ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ҳаракат вақтида ҳайдовчи кабинасида ёнғин чиқиши ортидан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида MAN русумли юк автомобили ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Ҳодиса 6 август куни соат тахминан 16:00 да Нуробод тумани «Меҳнаткаш» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 35-километрида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, юк автомобили Самарқанд–Қашқадарё йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчи кабинасида тўсатдан ёнғин чиққан. Транспорт воситасини тўхтатишга уринган ҳайдовчи бошқарувни йўқотган, шундан сўнг юк автомобили бетон йўл тўсиғига урилиб, ағдарилиб кетган.
Олинган тан жароҳатлари оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Нуробод тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчиларни транспорт воситаларининг техник ҳолатини мунтазам текшириб туришга ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.