Наманганда Хитой иштирокида логистика маркази ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уни сақлаш, саралаш, лаборатория таҳлили ва ички ҳамда ташқи бозорларга етказиб беришгача бўлган жараёнларни ягона тизимга бирлаштириш бугунги агросаноат тармоғининг энг муҳим вазифаларидан бири.
Жорий йил 12 август куни Хитойнинг “Qingdao Wanlin Group” компанияси бош директори Ли Янтао ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари айнан мана шу мақсадда Наманган вилоятининг Чуст туманида бўлди.
Ташриф давомида хорижий ҳамкорга логистика марказини ташкил этиш учун «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида, зарур инфратузилма, жумладан, темир йўл тармоғи мавжуд бўлган 3 гектар ер майдони таклиф этилди.
Шунингдек, хорижий ҳамкорга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш мақсадида туман захирасида мавжуд ер майдонлари ҳам таништирилиб, мамлакатимизда инвесторларга яратилган имтиёз ва енгилликлар, ҳудуднинг аграр салоҳияти ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Компания вакили тақдим этилган маълумотларни атрофлича ўрганиб чиқиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини (ТEО) ишлаб чиқиш ҳамда дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш орқали лойиҳани амалга ошириш ишларини бошлашини маълум қилди.
Бу ташаббус Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қўшилган қиймат занжирини янада мустаҳкамлаш, маҳсулотларни сақлаш ва экспортга тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, замонавий лаборатория инфратузилмасини шакллантиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.