Ўзбекистон ва Беларусь энергетика соҳасидаги ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусь ва Ўзбекистон энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқади ҳамда ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузади.
Бу масалалар Беларусь энергетика вазири Денис Морознинг Беларусдаги Ўзбекистон элчиси Нуриддин Мамажонов билан учрашувида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Беларусь Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг июль ойида Беларусга ташрифи чоғида юқори даражада эришилган келишувларни амалий татбиқ этиш масалаларини кўриб чиқди.
Устувор йўналишлар қаторида атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик ва Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, Беларусь лойиҳа ҳамда қурилиш-монтаж ташкилотларининг Ўзбекистон бозоридаги лойиҳаларда иштирок этиши, электротехника саноатида ҳамкорлик, энергетика объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш масалалари қайд этилди.
Денис Морознинг таъкидлашича, Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида юқори даражадаги ишонч ҳамда энергетика соҳасида мазмунли мулоқот йўлга қўйилган. Тўпланган салоҳиятни аниқ қўшма лойиҳаларда амалга ошириш зарур.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Беларусь-Ўзбекистон қўшма ишчи гуруҳини тузиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда қўшма лойиҳаларни бирлаштирадиган йўл харитасини тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.