Билимларни баҳолаш агентлиги ва ЮНИСЕФ таълим тизимини баҳолашни ривожлантиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори Мажит Каримов ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Таълим бўлими раҳбари Альберто Бьянколи билан учрашув ўтказди.
Томонлар таълим сифатини баҳолаш миллий тизимини ривожлантириш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Музокаралар давомида таълим сифатини баҳолаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари битирувчилари учун ягона давлат имтиҳонини жорий этиш, шунингдек, умумтаълим фанлари ва хорижий тиллар бўйича миллий сертификатлаш тизимини халқаро аудитдан ўтказишни ривожлантириш ва амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув иштирокчилари баҳолаш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш, халқаро экспертларни жалб этиш, баҳолаш воситаларини такомиллаштириш, шунингдек, миллий баҳолаш тизимининг ишончлилиги, холислиги ва шаффофлигини янада мустаҳкамлаш каби ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни изчил ривожлантириш, халқаро тажрибани миллий баҳолаш тизимига жорий этиш ва таълим сифатини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.