Остонада Марказий Осиё-Корея саммитига тайёргарлик муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кеча Остона шаҳрида Марказий Осиё ва Корея Республикаси давлат раҳбарлари саммитига тайёргарлик кўриш бўйича юқори мансабдор шахсларнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, тадбирда Корея Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, Қирғизистоннинг Остонадаги элчиси иштирок этди. Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвоҳид Азимов бошчилик қилди.
Томонлар бўлажак саммит дастури ва кун тартибининг мазмуний жиҳатлари бўйича ёндашувларни келишиб олди.
Шунингдек, иштирокчилар Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини муҳокама қилиб, умумий манфаатларга жавоб берадиган устувор йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга ўзаро манфаатдор эканлигини тасдиқлади.
Тадбир доирасида Мирвоҳид Азимов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Чун И Хэ билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, олий ва юқори даражаларда режалаштирилган тадбирлар жадвали муҳокама қилинди ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.