Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Оҳангарон туманида қурилиш ишлари билан боғлиқ қонунга хилоф ҳаракатлар ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Паррандачилик фабрикаси қурилишида бош пудратчи бўлган МЧЖ раҳбари жорий йил апрель ойида объект ички йўлларини асфальтлаш ишларига жалб қилинган бошқа МЧЖ — субпудратчи билан 3,7 миллиард сўмлик шартнома тузган.
Шартномада кўрсатилган ишлар бажарилган ва бош пудратчи келишилган маблағнинг 2,5 миллиард сўмини субпудратчининг ҳисоб рақамига ўтказган. Бироқ қолган 1,2 миллиард сўмни тўламай, ҳисоб-китобни чўзиб келган.
Бундан ташқари, бош пудратчи субпудратчи ташкилот таъсисчисидан асфальтлаш объектини унга бириктириб бериш ва қолган 1,2 миллиард сўмни тўлаб беришни ваъда қилиш эвазига жами 83,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тошкент вилояти бўйича Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида бош пудратчи бўлган МЧЖ раҳбари талаб қилинган пул маблағларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.