Иқтисод

Ўзбекистонда фермер маҳсулотларини HoReCa’га етказиб бериш хаблари ташкил этилади

Ўзбекистонда фермер маҳсулотларини HoReCa’га етказиб бериш хаблари ташкил этилади
Ўзбекистонда фермер маҳсулотларини HoReCa’га етказиб бериш хаблари ташкил этилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси ва «Савдо ва сервис» ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Ҳужжатни Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси раиси Саидвали Насреддинов ва «Савдо ва сервис» ассоциацияси раиси Зафар Ҳошимов имзолади.

Ҳамкорликдан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан савдо тармоқлари, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналаригача бўлган занжирни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Қайд этилганидек, бугунги кунда харидорга сифатли маҳсулот, зарур ҳажм, белгиланган стандарт ва ўз вақтида етказиб бериш керак. Ишлаб чиқарувчига эса барқарор бозор ва ишончли харидор зарур.

Ушбу эҳтиёжларни бирлаштириш мақсадида ҳудудларда махсус хаблар ташкил этиш концепцияси муҳокама қилинди. Уларда ягона тизим доирасида маҳсулотларни саралаш ва калибрлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сифат талабларига мувофиқ тайёрлаш ҳамда савдо субъектлари ва HoReCa корхоналарига етказиб бериш жараёнларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Натижада маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан харидоргача бўлган ҳаракати янада тизимли тарзда ташкил этилади.

Имзоланган меморандум ушбу йўналишда янги лойиҳалар ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.