Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Германия ва Австрия компаниялари вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Учрашувда ахборот-коммуникация технологиялари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, шаҳарсозлик ва машинасозлик соҳаларида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хорижий компаниялар вакиллари Ўзбекистонда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини тақдим этди ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Делегация аъзоларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар, хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, шунингдек, бизнес юритиш шартлари ҳамда минтақавий бозорларга чиқиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар истиқболли лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш, уларни Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятларини ўрганиш ҳамда мазкур йўналишда мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.