Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро автомобиль ташувлари соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Бунга жараёнларни рақамлаштириш ва «узлуксиз транзит» механизмини жорий этиш ҳам киради. Бу ҳақда 13 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Халқаро автомобиль ташувлари бўйича Қўшма комиссия йиғилиши якунлари маълум бўлди.
Йиғилиш Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ва Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Максат Калиакпаров раҳбарлигида ўтказилди, деб хабар берди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги.
Томонлар халқаро автомобиль ташувларини янада ривожлантириш, юк ва йўловчи ташиш ҳажмларини ошириш, рухсат бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда икки давлатнинг транзит салоҳиятини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунларига кўра, «узлуксиз транзит» механизмини жорий этиш бўйича икки томонлама Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Механизм халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги тартиб-таомилларни соддалаштириш ва рақамлаштириш, маъмурий тўсиқларни камайтириш ҳамда электрон ҳужжат айланишига босқичма-босқич ўтишни назарда тутади.
Бундан ташқари, томонлар 2027 йилдан бошлаб автомобиль транспортида мунтазам бўлмаган халқаро йўловчи ташувлари учун рухсатномаларнинг электрон бланкалари тизимини жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришди.
Йиғилишда автомобиль-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт назорати самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаб, эришилган келишувларни амалий жиҳатдан таъминлашга келишиб олди.